Пойтахти: Анқара шаҳри
Анкарада вақти:
(GMT+3)
Майдони: 780,6 минг квадрат км
Туркия Республикаси – Осиёнинг ғарбий қисмида ва бир қисми Оврўпанинг Жанубий қисмида жойлашган. Оврўпа қисмидаги Туркия Болгария ва Греция билан чегарадош. Осиё қисми эса, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Эрон, Ироқ ва Сирия билан чегарадошдир. Шимолда Қора Денгиз сувлари унинг чегараларини ювади, жанубда эса Ўрта Ер Денгизи ва Ғарбда Эгей ва Мармар денгизлари унинг қирғоқларини ювади. Бир сўз билан айтганда, Туркия – дунёда тўртта денгиз қирғоқларини ювувчи ягона давлат бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, бу давлат шарқ ва ғарбни бир-бирига боғловчи кўприк ҳамдир.
Иқлими
Январ ойидаги Анқаранинг ўртача ҳарорати -4°С дан +4°Сгачани ташкил этади, июлнинг ўратача ҳарорати эса, +15°С дан +30°Сгачани ташкил қилади. Истамбул иқлими юмшоқ, осмони, кўпинча, булут билан қопланган бўлади (январ ойида ўртача ҳарорат - +3 дан +9°Сгачани ташкил этади, август ойида эса, +20 дан +29°Сгача бўлади, сув ҳарорати эса, +23°Сни ташкил этади). Ўрта Ер Денгизи оромгоҳларида ёздаги ўртача ҳарорат +30°Сни ташкил этади, қишда эса, +15°С бўлади.
Пул бирлиги (валюта)
Муомалада турк лираси мавжуд, у 100 қурушга баробардир. Айирбошлаш курси тез-тез ўзгариб туради. Шу сабабли, пулнинг ҳаммасини алмаштириш шарт эмас. Деярли ҳамма жойда тўловлар учун евро ва АҚШ доллари қабул қилинади. Банклар иш кунларида фаолият кўрсатадилар: душанбадан жумагача эрталаб 08:30 дан 12:00 гача ва 13:30 дан 17:00гача. Айирбошлаш шохобчалари эса, деярли ярим тунгача ишлайди, аэропортлардагилари эса, тинимсиз ишлайди. Меҳмонхона ва дўконларда асосан кредит карталари қабул қилинади, улар: Visa, American Express, Master Card ва бошқалар.
Мамлакатга кириш ва чиқиш қоидалари
Қуйидаги нарсаларни божсиз олиб киришга рухсат этилади: 20 қути сигарет ёки 50 дона сигара, ёки 200 г тамаки, 3 шиша спиртли ичимликлар, 2 шиша вино, сувенирлар ва совғалар ва уларнинг қиймати 200 Евродан ошмаслиги лозим; озиқ-овқат маҳсулотлари, косметика эса, шахсий эҳтиёж доирасида олиб кирилиши лозим. Кундалик рўзғор буюмлари ва турли техникани фақатгина 1 тадан олиб кириш мумкин. Таркибида кўп миқдорда наркотик бўлган дорилар, наркотик, қурол-яроғ, антиквариат, қадимги гиламларни олиб кириш таъқиқланади. Мамлакатдан чиқиб кетишда тилла, техник буюмлар ва гиламлар учун декларация тўлдирилиши лозим. Жисмоний шахсларга божсиз молларни фақатгина қуйидаги ҳолатлардагина олиб чиқиб кетиш рухсат этилади, яъни уларнинг умумий қиймати 1000 Евродан ошмаса, ҳамда умумий оғирлиги 200 кгдан ортмаслиги лозим. Хорижий валютани олиб киришнинг миқдори чегараланмаган, бироқ олиб кирилган валюта миқдорининг умумий қиймати 5000 Евродан ортиб кетса, у ҳолда мазкур валюта миқдорига декларация тўлдирилади. Турк лирасини эса, фақатгина 1000 Евро эквивалентидагина олиб чиқиб кетишга рухсат этилади. Уй ҳайвонларини олиб чиқиб кетишда эса, уларга барча эмлашлар, шунингдек, қутуришга қарши қилинган эмлашлар кўрсатилган ветеринар гувоҳномаси берилади.
Нималарни кўриш мумкин/қаерларга бориш мумкин
Истамбул - "Византия дурдонаси", қадимги порт шаҳар, султонлар пойтахти, Оврўпанинг энг йирик шаҳарларидан бири, ҳамда очиқ осмон остидаги ҳақиқий тарихий ёдгорликдир. Осиёни Оврўпадан ажратиб турувчи Босфор бўғозидаги кўприкка чиқиш, азим ва маҳобатли, ажобтовур, мозаикали Авлиё София ибодатхонаси, Султон Аҳмаднинг Мовийранг масжиди, Топкапи султонлари саройи ҳамда Капали Чарши (Тилла бозори) бозорига ташриф буюриш ўзига хос қизиқиш уйғотади. Анатолия (Анталия) шаҳрида эса, қуйидаги диққатга сазовор жойлар эътиборингизни тортади: Адриан дарвозалари (милоддан аввалги 130 йил), Йивли ва Кезик миноралари. Анталиядан узоқ бўлмаган жойда эса, қадимий Термесос, Фаселис ва бошқа шаҳарлар жойлашган.
Алания – Анталия соҳилида жойлашган энг жанубий ҳисобланган оромгоҳлардан бири, бу ерда замонавий меҳмонхоналар апельсин ва лимон боғларига чўмадилар.
Анталия - Турк Ривьераси. Туркиянинг жанубида жойлашган яхшигина ривожланган ўйин – кулгу саноатининг энг йирик шаҳарларидан бири.
Белек – эвкалипт дарахтзорлари билан қуршалган майин қумлик элита оромгоҳи.
Бодрум – богемаларнинг энг севимли дам оладиган жойи, бу ерда Оврўпанинг энг катта дискотекаларидан бири, дунёнинг етти мўъжизасидан бири – шоҳ Мавсоланинг мақбараси билан қўшни жойлашган. Бодрумда энг қадимги чўкиб кетган кўҳна “Улубурун” кемаси жойлашган сувости археологик музейига ташриф буюриш мумкин, Нефертити маликасининг олтин муҳри қадимий ёзувлар ва бошқа кўплаб нарсаларни кўриш мумкин. Каппадокияни кўришга ҳаракат қилинг, негаки у ерда энг дастлабки насронийларнинг ер ости шаҳарлари сақланиб қолинган. Ғарбда Троя харобалари ва антик Пергам жойлашган. Тарихий экскурсиялардан ташқари, яхта, рафтинг ва бошқа сувдаги кўнгилочар сайр-томошалар ҳам жуда мароқлидир.
Дидим – мазкур оромгоҳ Ўзбекистонда деярли номаълум, у Эгей денгизи қирғоғининг қоқ юрагида жойлашган. Дидим – бу 55 км тоза қум пляжларидан иборат – Туркиянинг машҳур “Олтинқум” оромгоҳидир.
Кемер – игнабаргли ўрмон ичида жойлашган қум ва шағалдан иборат хушманзара пляжли оромгоҳ. Бу оромгоҳ болалар билан дам олиш учун жуда ҳам маъқул жойдир.
Мармарис – тунги ҳаёт шаҳри. Мазкур тоза ва шинам Оврўпача оромгоҳ ўзининг машҳур дискотекали кўчалари билан донг таратган.
Сиде – қадимий, ўзининг чиройли қирғоғи, серҳашам меҳмонхоанлари, дабдабали салқин аллеялари ва экзотик ўсимликлари дунёсига эга бўлган кичкинагина ва жуда шинам бўлган оромгоҳ – шаҳар.
Чешме – Измирдан ғарбга қараб грек ороли Хиосга томон чўзилган. Бундай номни у маҳаллий меҳмонхоналарни даволовчи сув билан таъминловчи термал манбаларнинг кўплиги сабабли олган.
Транспорт
Сариқ рангдаги таксини деярли ҳамма жойда кўриш мумкин ва уни телефон орқали ҳам чақириш мумкин. Ҳисоб – китоб махсус ҳисоблагич орқали амалга оширилади. Тунги тариф кундузги тарифга нисбатан икки баробар қиммат бўлади. Агарда таксида ҳисоблагич бўлмаса, у ҳолда унинг нархини аввалдан келишиш лозим.
Алоқа воситалари
Телефонда сўзлашиш учун почта ва дўконларда сотиладиган карточкалардан фойдаланиш жуда қулайдир. Телефон-автоматлар деярли ҳамма жойда мавжуд. Бундай тарздаги қўнғироқларни амалга ошириш меҳмонхонадан қўнғироқ қилишдан анча арзонга тушади. Асосий почтамтлар (РТТ) тинимсиз, дам олиш кунисиз ишлайдилар.
Дўконлар
Дўконлар якшанбадан ташқари, иш кунларида 09:30дан то 13:00гача ва 14:00 дан то 19:00гача ишлайдилар. Дўконлар ва туристик марказларда иш жадвали деярли мавжуд эмас, туристик мавсум вақтида эса улар ярим тунгача иш юритадилар. Харид қилиниши мумкин бўлган нарсалар: тери ва тўқимачилик маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, гиламлар ва ипак газламалар. Совғалар (сувенирлар): роҳат-луқум, шарқ ширинликлари, кўз балосидан асровчи тумор, табиий денгиз булутлари, сопол ва чиғаноқдан тайёрланган маҳсулотлар. Туркияда энг юқори ва машҳур брендлар остида ишланган қалбаки моллар жуда кўплаб учрайди (кўзойнаклар, соат, камар, сумка, кийим – кечаклар), уларни фақатгина паст нархи ва сифати орқали ажратиб олиш мумкин.
Миллий хусусиятлар
Турклар асосий эътиборни одоб – ахлоқ қоидаларига қаратадилар, шунингдек, улар ўзларининг одоблилиги ва хушмуомалалиги, ҳамда нотаниш одамга ўзларининг доимо ёрдамга шайликлари билан ажралиб турадилар. Улар ўз урф-одатларини биладиган, айниқса, битта-иккита туркча сўзлаганларга жуда ҳам чуқур ҳурмат ва эҳтиром ила қарайдилар. Бундай инсонларга улар деярли барча ёрдамни амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Жамоат жойларида ва кўчада спиртли ичимлкини истеъмол қилиш норозилик туғдириши мумкин. Туркия полицияси жуда ҳам қаттиққўл ва қонунлари жуда ҳам қаттикдир. Масжид ва кишилар уйига киришда пойафзални албатта ечиб кириш лозим.
Фойдали маълумотлар
Кўплаб турк меҳмонхоналарида сиз тўғри бурчакли брелокни (унга хонангиз калити осилган бўлади) хонангизнинг кириш эшигидаги махсус бўлимга қўймасангиз, хонангиз чироғи ва кондиционери ишламайди. Водопровод сувини ичиш тавсия этилмайди, яхшиси ҳамма дўконларда сотиладиган қадоқланган сувни олиб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Байрам ва дам олиш кунлари:
1 январь – Янги Йил;
23 апрель – Анқарада республика Парламентининг биринчи сессияси очилишининг юбилейи;
1 май – Меҳнат куни;
19 май – Камол Отатурк ва ёшлар ва спорт куни (Отатуркнинг Самсунга келиши ва мустақиллик урушининг бошланиши);
30 август – Дун грек қўшинлари устидан ғалаба кунининг нишонланиши;
28 ва 29 октябрь – 1923 йилда Республика деб эълон қилинганлиги;
10 ноябрь - соат 09:05да мамлакат Камол Отатурк хотирасига 1 дақиқа сукут сақлайди.
диний байрамлар кунлари ҳам байрам куни ҳисобланади.
Фавқулодда телефонлар:
• полиция - 155
• йўл полицияси - 154
• тез ёрдам - 112
• ёнғин хавфсизлиги хизмати - 110
• маълумотлар хизмати - 118.